#

Бу воқеани эшитиб аввалига сира ишонмадим. Бу кекса чол мени боплаб лақиллатди, деб ўйладим.

Бу воқеани эшитиб аввалига сира ишонмадим. Бу кекса чол мени боплаб лақиллатди, деб ўйладим. Аммо чолнинг гаплари ростлигини унинг кампири Ойсулув момодан эшитгач, ишонишдан ўзга чорам қолмади. Хуллас, бу воқеани Ҳайдар бобо шундай ҳикоя қилган эди: «У пайтларда куни билан далада юрардим, момонгиз бир йиллик келин, рўзғор юмушларидан ортмасди. Янгам ҳам, акам ҳам ишдалиги боис Ойсулув уларнинг болаларига қарар, ота-онамнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб турарди. Ўша куни ҳам одатдагидай ишдан шом пайти қайтдим. Қишлоқнинг тор кўчасини ҳайдовдан қайтган подалар чангитиб, уйларига шошар, уларнинг ортидан кетаётган чўпон болалар бир-бири билан баланд овозда сўзлашиб, нималарнидир талашиб боришарди. Чанг-тўзонда қолмаслик учун улардан олдин ёки анча орқада юришим керак эди. Куни билан кетмон чопиб, ғўза орасида сув тараб юрганим боис роса ҳориган, тез юришга мажолим йўқ эди. Шунинг учун йўл четидаги кекса толнинг соясида бир муддат тин олдим. Шу пайт чўпон болаларнинг овози янада баланд чиққандай бўлди. Сўнг улар орасидан отилиб чиққан бола мен томонга югуриб кела бошлади. Кўнглим қандайдир фалокатни ҳис қилганди. Ўрнимдан туриб, чопиб келаётган болага тикилдим. У акамнинг катта ўғли Илёс эди. Негадир қўрқувдан турган жойимда қотиб қолдим. У менга юзланаркан, юзи қўрқувдан оқариб кетган, қўл-оёғи тинимсиз қалтирар, лаби лабига тегмай тез-тез сўзларди.
— Ака, тез юринг. Янгам илонни еб қўйди! — деди у. Илёснинг айтган гапига тушунмай такрор сўрадим. У тағин ўша гапни айтди.
— Эсинг жойидами? Қандай илон? Нега еб қўяди? Устма-уст берган саволларимга жавоб бермасдан Илёс қўлимдан уй томон судради-да:
— Янгам уйларингизда ухлаб ётган экан. Чарчаган бўлса керак-да. Аввал чақирдим, ҳеч ким жавоб бермади. Кейин кириб борсам, янгамнинг оғзига илон кириб боряпти. Менинг бақирганимдан янгам қўрқиб уйғониб кетди. Ўрнидан тураётганда ютиндими ё бошқа сабабданми, билмайман, илон ичига кириб кетди, — деди.
— Ўз кўзинг билан кўрдингми? Балки, бошқа нарсадир? Ёки кўзингга кўрингандир?
— Нимага ишонмайсизлар?
— деб зорланди Илёс. — Ўзим кўрдим-ку! Ана янгамнинг ўзи ҳам ичимда бир нарса бор, деб қайт қилиб ётибди. Мазаси йўқ. Илёснинг кейинги гапларидан баттар хавотирим ошди. Айни дамда гап нимада эканини тушуна олмай, чалкашиб кетдим. Уйга етиб боргунча хаёлим минг бир кўчага кириб-чиқди. Ниҳоят, ҳовлимизнинг адоғидан айланиб ўтган кўчага бурилдиму, дарвозахонага етиб боришга ҳам сабрим чидамай, пахса девордан ошиб тушдим. Молхона томондан уйга яқинлашиб борарканман Ойсулувнинг даҳшат билан ўқчиётгани ва унинг бошида парвона бўлиб турган онамнинг зорланиши эшитилди. Онам Ойсулувни қўлидан тутиб турар, отам эса не қилишини билмай, у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Отам мени кўриши билан:
— Ҳозир аканг ҳамсоянинг уйига ўтди. Тез бўл, Тоштемирнинг машинаси билан келинни балнисага олиб бориш керак. Уйдан пул ол, уст-бошингга қара, — деди Отамнинг гапи тугамасдан машина сингнали чалинди. Ўқчийвериб ҳолдан тойган Ойсулув машинада бироз ўзига келгандай бўлди. Ундан нима бўлганини сўраган эдим:
— Бугун роса чарчаб, тошдай қотиб ухлабман. Бир маҳал оғзимга совуқ нарса киргандай бўлди. Тушми, ўнгми, ажрата олмадим. У секин сирпаниб ошқозоним томон бораверди. Мен қўрқинчли туш кўраётгандай уйғона олмасдим. Бир маҳал Илёснинг бақирган овозидан уйғониб кетдим. Шундагина бу даҳшат ўнгимда бўлганини билдим. Ишонмайсиз, ошқозонимда бир нарса бор. Йўғон арқонга ўхшайди. Ўқчиганимда шундай буралиб оғриқ беряптики… У яна тинимсиз ўқчий бошлади ва шифохонага етиб боргунимизча тинмади. Ойсулувнинг оғзидан тупук ҳам чиқмай қолган, аммо даҳшат билан ўқчирди. У замонларда ҳозиргидай шифокорлар, техника қаерда. Шифохона деганимиз ҳам ғарибгина кулба эди. Дўхтирлари ҳам шунга яраша. Улар Ойсулувни хонага олиб киришгач, гап нимада эканини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлашди. Сўнг хонасига қамалиб олиб, узоқ вақт йўқ бўлиб кетишди. Ниҳоят, дўхтирлар Ойсулувни текш ириб кўриш учун бошқа бир хонага олиб ўтди. У ерда махсус аппарат билан Ойсулувнинг ошқозонини текширишмоқчи эди. Аммо у илонни эслатадиган зонтни ютолмади. Шифокор зонтни Ойсулувнинг оғзига олиб бориши билан у нафас и бўғилиб ўқчир ва ранги докадай оқариб, ўрнидан туриб кетарди. Бир пайт шифокорлардан бири бундан наф чиқмаслигини, нима бўлган тақдирда ҳам унинг дарди аниқ бўлмагунча шу ерда қолиши кераклигини айтди. Хуллас, онам иккимиз ўша тунни шифохонанинг йўлагида ўтказдик. Ойсулув эса тинчлантирувчи уколдан сўнг ухлаб қолганди. У тонгда ўзини бироз ўнглаб уйғонди. Гўёки уни энди ҳеч нарса безовта қилмаётганди. Унга нонушта берилгач эса барчаси қайтадан бошланди ва кечаги аҳвол такрорланди. Нима қилишимни билмай уйга — акамнинг олдига шошдим. У ерга борганимда акам энди шифохонага жўнамоқчи бўлиб турган экан. У мендан нима гаплигини сўради. Вазиятни билгач, акам ўйланиб тураркан Илёс гапга аралашди:
— Айтдим-ку янгам илон еб қўйди, деб. Уни чиқариб олишнинг йўлини кўриш керак. Ўғлининг гапидан жаҳли чиққан акам унинг юзига тарсаки тортиб юборди ва:
— Оғзим бор деб ҳар қандай гапни гапираверасанми?! Бор, йўқол, катталарнинг гапини пойлама, — деди. Кейин менга юзланди: — Шаҳарга олиб боришимиз керак. Аслида, бундан бошқа чорамиз ҳам йўқ эди. Ахир Ойсулувнинг қандай дарга чалинганини билмасдик. Биз шифохонага қайтиб борганимизда нима қилишни билмай боши қотган дўхтирлар «Тез ёрдам» машинасини ҳозирлаб, Ойсулувни вилоят марказига юбормоқчи бўлиб туришган экан. Биз уни олиб жўнашга тайёрланаётган эдик, Ойсулув ётган хонага шу ерда даволанаётган кекса аёл кириб келди.

1 2 »

#Daxshatli voqealar#330#voqeani#keksa#meni
O'xshash hikoyalar
Ehtirosli.ru   Яндекс.Метрика